#Коррупцияга_қарши_кураш_ойлиги
#Сирдарё_вилоят_Кенгаши
Депутат сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда
Шу кунларда депутатлар сайлов округларида бўлиб, халқ билан мулоқотлар ўтказиш, тиббиёт муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш ишларини олиб боришмоқда.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Нодира Джанибекова Сирдарё вилоятида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Даставвал, Сирдарё тумани тиббиёт бирлашмасида “Коррупцияга қарши курашиш ойлиги” доирасида “Соғлиқни сақлаш тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш устувор вазифамиз” шиори остида ўтган тарғибот тадбирида иштирок этган депутат Нодира Джанибекова сўзга чиқиб, тиббиёт соҳасидаги коррупцион ҳолатлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатлари, шунингдек давлатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидланишича, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш мамлакат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланган бўлиб, унда жамоатчиликнинг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида депутат дори-дармон таъминоти ва унинг нарх-наво соҳада коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишлар аҳволни ҳам ўрганди. Сирдарё туманидаги хусусий дорихоналардан бирида айрим дори воситалари нархи таҳлил қилиниб, ортиқча устама нарх қўйилмаслиги юзасидан тавсиялар берилди.
Куннинг иккинчи ярмида депутат бошчилишгидаги ишчи гуруҳ Сирдарё туман тиббиёт бирлашмасидаги тез тиббий ёрдам, болалар бўлими ва реанимация бўлимларида тиббий хизмат кўрсатиш сифати билан танишдилар. Шифохонанинг қабулхоналари, лабораториялар, диагностика марказлари ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимларидаги шароитлар ўрганилди, шифокорлар ва беморлар билан мулоқот ўтказилиб, таклиф ва муаммолар тингланди.
Қолверса, ишчи гуруҳ “Тинчлик” маҳалласида ҳам бўлиб, маҳалла еттилиги аъзолари билан аҳолининг бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, томорқалардан унумли фойдаланиш каби устувор вазифалар юзасидан суҳбатлашди.
Ижтимоий ёрдам ва субсидиялар ажратишда маҳалла еттилиги коллегиал қарорларининг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Шунингдек, маҳалланинг фаолиятини янада самарали ташкил этишга қаратилган таклифлар ўрганилди.
Маҳалланинг жамиятдаги ўрни кун сайин мустаҳкамланиб, у халққа яқин, самарали жамоатчилик назоратини амалга оширадиган тузилмага айланмоқда. Аҳолининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда хоким ёрдамчиларининг фаолияти муҳим ўрин тутаётгани қайд этилди. Хусусан, “Тинчлик” маҳалласидаги хоким ёрдамчиси Зокирхон Ахмедов томонидан тадбиркор Акмал Абдуҳамидовнинг хизмат кўрсатиш лойиҳаси қўллаб-қувватланди ва 130 млн сўмлик имтиёзли кредит ажратилишига эришилди. Бу орқали 10 нафар ёш доимий иш жойи ва даромад манбаига эга бўлди.
Шунингдек, “Хазина” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам мулоқотлар бўлиб ўтди. Депутат Нодира Джанибекова маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, аҳолининг бандлиги ва тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш борасидаги ишлар билан яқиндан танишди. Суҳбатлар давомида маҳалла еттилиги фаолияти, аҳолининг таклиф ва ташаббуслари эшитилди ҳамда депутат томонидан самарали иш юритиш бўйича тавсиялар берилди.
Adolat.uz |
Facebook |
Telegram |
Instagram |
Twitter |
YouTube