АБДУЛЛА АРИПОВ ҲИМОЯСИДАГИ МОНОПОЛИЯ ХУСУСИЙ БОҒЧАЛАРНИ НОҚОНУНИЙ БАНКРОТЛИККА ОЛИБ БОРМОҚДА
Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикчилик асосида ташкил этилган мактабгача таълим муассасалари сони сўнгги йилларда кескин ортди. Бу жараён президент ислоҳотларининг муҳим ютуғи сифатида кўрсатилган бўлса-да, амалиётда минглаб хусусий боғчалар «Real Soft» номли монопол компания туфайли жиддий муаммолар гирдобида қолмоқда.
Тошкентда жойлашган ва билвосита Бош вазир Абдулла Ариповга боғлиқ деб айтилаётган ушбу компания барча хусусий боғчаларни ўзининг ноқулай ва ишончсиз давомат тизимига мажбурий тарзда боғлаб қўйган.
Давлат субсидиясини олиш учун ҳар бир бола «Real Soft» дастури орқали кундалик рўйхатдан ўтказилиши шарт. Бу тизимдан фойдаланиш эса тадбиркорлар учун қўшимча молиявий юк – ҳар бир бола учун ойига 75 000 сўм тўлаш талаб этилади.
Аммо ушбу тўловга қарамасдан, тизимдаги кўплаб техник хатоликлар боғчаларнинг фаолиятини издан чиқармоқда. Болаларнинг давомати тўғри қайд этилмаслиги, интернет муаммолари ва тасдиқ жараёнидаги камчиликлар туфайли минглаб боғчалар бир неча ойдан бери субсидиядан маҳрум бўлди, тарбиячилар эса маошсиз қолишди. Қишлоқларда эса, интернет етишмовчилиги туфайли, бу тизимдан фойдаланиш деярли имконсиз.
Эътиборлиси, «Real Soft» нафақат ишончсиз, балки осонгина сохталаштириш мумкин бўлган тизим экани ҳам тадбиркорлар ва мутахассислар томонидан таъкидланмоқда. Бюджет маблағларини талон-торож қилиш ҳолатлари кузатилиб турган бир пайтда, давлатнинг айнан шундай хавфли ва носоғлом тизимни мажбурий қилаётгани жиддий саволлар уйғотмоқда. Тадбиркорлар бир боланинг расмида хатолик бўлса, қолган болалар учун ҳам субсидия тўлиқ тўхтатилиши ҳаққонийликдан йироқ қарор эканини таъкидлаб келмоқда.
Бу ҳолат ортида ким турибди? Нега хусусий таълим соҳасида фақат битта компания монопол назорат ўрнатган? Рақобат ва эркин бозор тамойиллари қаерда қолди? Бу саволларга жавоб топиш қийин, чунки «Real Soft» ортида турли манфаатлар мужассам экани ҳақида миш-мишлар кундан-кунга кучаймоқда.
Айрим манбаларга кўра, бу компаниянинг Бош вазир Абдулла Ариповга боғлиқлиги унинг мавқеини мустаҳкамлаб келмоқда ва ҳар қандай альтернатив ечимларга йўл ёпилган.
Президентнинг хусусий боғчалар орқали аҳолига қулайлик яратиш сиёсати «Real Soft»нинг муаммоли тизими сабаб ўз самарасини йўқотмоқда. Тадбиркорлар банкротликка юз тутган, тарбиячилар ишсизлик хавфи остида, минглаб оналар эса болаларини боғчага қўйолмай ишсиз қолиш хавфига дуч келмоқда.
Давлат органлари ва мутасаддилар бу муаммоларни ечиш ўрнига, ҳолатга сукут билан қарамоқда. Монополияга қарши кураш қўмитаси ва рақобат қонунчилиги амалда ишламас экан, хусусий секторга бўлган ишонч кундан-кунга пасайиб бормоқда.
Тадбиркорларнинг талаби эса оддий — техник хатолар учун жазоланмаслик ва альтернатив тизимларга йўл очиш. Лекин бу талабларнинг эшитилиши ҳозирча ноаниқ. Агар бу ҳолат ўзгармаса, хусусий боғчалар фаолияти тўхташи нафақат тадбиркорларнинг, балки бутун жамиятнинг муаммосига айланади.
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube