СУД УЧУН ҲАҚИҚАТ ЭМАС, УНИ КИМ ТАЛАБ ҚИЛАЁТГАНИ МУҲИММИ?
Мен фақат бир нарсани тушунмадим — масжид олдида тиланчиликка мажбур бўлган аёлга ёрдам сўраб мурожаат қилдим. Лекин натижада ўзим жиноятчига айландим... — дейди Яккабоғлик блогер ва инсон ҳуқуқлари фаоли Элмурод Одил.
Элмурод Одил ўзбек жамиятида оғриқли муаммолардан бири — аёлларнинг масжид олдида тиланчилик қилишига бефарқ бўлмади. У бир аёл билан суҳбатлашди, унинг нега бундай аҳволга тушганини сўради ва жамоатчиликни бундай инсонларга ёрдам беришга чақирадиган видео эълон қилди. Видео лавҳада на аёлнинг исми тилга олинди ва на юзи кўрсатилди. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, айнан шу аёл блогер устидан участка нозирига шикоят аризаси ёзди.
Суд қарори кутилганидан ҳам ғалатироқ чиқди: аёл "иложсизликдан шундай қилган" деб оқланди, Элмурод Одилга эса гўё шахсий маълумотларни ошкор этгани учун уч баробар жарима тўғрисида қарор чиқарилди. Шу билан Яккабоғ суди ўз юзини яна бир бор кўрсатди — муаммони кўтарган одам яна жазоланди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда судлар қонун устуворлигини таъминлаяптими ёки ҳақиқатни айтишга журъат қилганларни жазолаш воситасига айланиб қолдими, деган савол яна долзарблашмоқда. Муаммога кўз юмадиганлар эмас, уни кўрсатганлар жазоланаётгани қайси «Янги Ўзбекистон»га хос?
Элмурод Одил устидан чиқарилган ҳукм — бу шунчаки жарима эмас. Бу жамиятга берилган огоҳлантириш: "Сизнинг ҳақиқатингизни биз белгилаймиз." Агар инсон ҳуқуқлари фаоли ҳам, блогер ҳам ижтимоий адолатни талаб қилгани учун жазоланаётган бўлса, энди ким гапиради?
Минимал ойликнинг уч баробарида жарима блогерга, бир баробарида жарима тиланчилик қилган аёлга.
Аёлларни шундай аҳволга туширган тизимчи? Ёки бундай муаммоларни яширишни одат қилиб олган раҳбариятчи? Уларга на жарима бор ва на жавобгарлик.
Элмурод Одилнинг бу иши — шахсий кураш эмас, балки бутун жамият юзига тутилган ойина. Агар жамият ҳақиқий муаммоларга кўз юмаверса ва уларни очиқ айтадиганлар таъқиб қилинаверса, бу йўл қаерга олиб боради?
Бу саволларга матбуотни жиловлашга бел боғлаган президент маслаҳатчиси Руслан Давлетов жаноблари нима деб жавоб беради?
Ҳақиқат учун жарима тўланадиган жамиятда ким сўз эркинлигини ҳимоя қилиб чиқади?
💬
Telegram |📱
Facebook |
🐦
Twitter |📱
Instagram | ▶️
YouTube